ПҚ-2841 16.03.2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, чорвачиликда хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида:

  1. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб, шунингдек, чорвадорлик қишлоқ хўжалиги кооперативлари(ширкатлари)ни — фермер хўжаликлари этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи 1, 2-ва 3-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.
  2. Қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, қоракўлчилик ва чорвадорлик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари этиб қайта ташкил қилиш, шунингдек, фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилинадиган ширкатлар ҳудудида жойлашган барча ижтимоий инфратузилма ҳамда бошқа объектларни тасарруф қилиш Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликлари этиб қайта ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 5 январдаги 8-сонли қарори билан тасдиқланган норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари:

икки ой муддатда қоракўлчилик ва чорвадорлик ширкатларини фермер хўжаликлари ҳамда масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш борасидаги тадбирларни ишлаб чиқсин, унда ширкатларнинг мол-мулки ва ер майдонлари комплекс инвентарлаштирилиши назарда тутилсин;

2017 йилнинг 1 июнига қадар инвентарлаштириш натижалари бўйича тайёрланган лойиҳалар асосида ширкатларни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш ишлари ниҳоясига етказилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда қайта ташкил этилаётган қоракўлчилик ва чорвадорлик ширкатлари ҳудудида зооветеринария хизмати пунктлари, ёқилғи-мойлаш материаллари сотиладиган тегишли нефть базаларининг филиаллари, ем-хашак билан таъминлаш омборлари тармоғи ҳамда бозор ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг бошқа объектлари барпо этилишини таъминласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда қоракўлчилик ва чорвадорлик ширкатларини фермер хўжаликлари ҳамда масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш натижасида бўшайдиган ходимларни ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда қоракўлчилик соҳасидаги хўжалик субъектларининг:

«Ўзбек қоракўли» компаниясини республика «Қоракўлчилик» уюшмаси этиб;

«Қоракўл» ҳудудий бирлашмаларини «Қоракўл» ҳудудий уюшмалар этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

  1. Қуйидагилар республика «Қоракўлчилик» уюшмасининг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:

қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш, қоракўл зотли қўйларнинг сара генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган селекция-наслчилик дастурларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, қоракўл юнги ва терисини қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш;

тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйишга илмий, амалий ва методик ёрдам кўрсатиш.

  1. Қуйидагилар:

республика «Қоракўлчилик» уюшмасининг ташкилий тузилмаси ва ижро этувчи аппарати тузилмаси 5-ва 6-иловаларга* мувофиқ;

«Қоракўл» ҳудудий уюшмалари ижро этувчи аппаратининг намунавий тузилмаси 7-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси бошқаруви раисига, зарурат туғилганда, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда ижро этувчи аппарат тузилмасига белгиланган штат бирликлари доирасида ўзгартишлар киритишга рухсат берилсин.

 LexUZ шарҳи

8-банднинг тщртинчи хатбошисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5497-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.

  1. Белгилансинки:

республика «Қоракўлчилик» уюшмаси ижро этувчи органи раҳбарлари қатнашчиларнинг умумий йиғилишида сайланадилар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг қарори билан лавозимга тасдиқланадилар. «Қоракўл» ҳудудий уюшмаларининг раҳбарлари қатнашчиларнинг умумий йиғилишида сайланадилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда республика «Қоракўлчилик» уюшмаси бошқарувининг қарорига биноан тасдиқланадилар;

 LexUZ шарҳи

9-банднинг иккинчи хатбошисига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5497-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.

республика «Қоракўлчилик» уюшмаси ва «Қоракўл» ҳудудий уюшмалари фаолиятини молиялаштириш уларнинг таркибига кирувчи хўжалик субъектларининг ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

республика «Қоракўлчилик» уюшмаси ва «Қоракўл» ҳудудий уюшмалари қайта ташкил этилаётган «Ўзбек қоракўли» компанияси ҳамда «Қоракўл» ҳудудий бирлашмаларининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланадилар.

  1. Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда уюшма ҳамда ҳудудий уюшмаларнинг низомларини ишлаб чиқсин, таъсис йиғилишларини ўтказсин ва белгиланган тартибда низомларни тасдиқласин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги наслчилик хўжаликлари мақомига эга бўлган қайта ташкил этиладиган ширкатлар негизида ташкил қилинган масъулияти чекланган жамиятларга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, наслчилик қоракўлчилик хўжаликлари мақоми берилишини таъминласин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 8-иловага* мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

* 1 — 8-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 16 март,

ПҚ-2841-сон

 

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 13-сон, 200-модда)

Leave a Reply