ПФ-307 07.01.1992

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

ЯЙЛОВ ЧОРВАЧИЛИГИ (ҚОРАКЎЛЧИЛИК, ҚЎЙЧИЛИК, УЮР ЙИЛҚИЧИЛИГИ ВА ТУЯЧИЛИГИ) ХОДИМЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҚЎШИМЧА ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси қоракўлчилиги, қўйчилиги, уюр йилқичилиги ва туячилигида банд бўлган ходимларнинг ғоят оғир меҳнат шароитини, ноқулай об-ҳаво ва иқлим шароитида узоқ муддат бўлишларини ҳисобга олиб ҳамда уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида:

Олдинги таҳрирга қаранг.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 25-сон, 282-модда)

  1. 1992 йилдан бошлаб қоракўлчилик ва қўйчилик хўжаликлари ходимларининг иш ҳақига қўшимча коэффициент меҳнат шароитидаги сувсиз олислик ва бошқа табиий-иқлимий хусусиятлар ҳисобга олиниб жорий қилинсин. Меҳнат вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар тақдим этсин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ижроия комитетлари, колхозлар, совхозлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари:

— республиканинг яйлов чорвачилигида, қоракўлчилик ва қўйчилик хўжаликларидаги камида 5 йил узлуксиз иш стажига эга бўлган ходимларга қишлоқ аҳоли манзилгоҳларидаги давлат уй-жой фондининг улар яшаб турган уйлари ёки квартираларини шахсий мулк қилиб бепул берсинлар;

— яйлов чорвачилиги ходимларига совхозлар ва колхозларнинг иқтисодий рағбатлантириш жамғармалари маблағларидан ҳовли иморатлари бўлган жойлар қуриш учун бепул қарз бериб, бинокорлик материалларини харид қилишда кўмаклашсинлар;

— ёш чўпонларнинг оилаларига шахсий ёрдамчи хўжаликни ташкил этиш учун имтиёзли шартларда сигирлар ёки отлар (туялар), қўйлар бериб, уларни ем-хашак билан таъминлашда ёрдам кўрсатсинлар;

— тармоқда камида 5 йил узлуксиз иш стажига эга бўлган ходимларга енгил автомобиллар, мотоцикллар, холодильниклар, телевизорлар, кир ювиш машиналари ҳамда бошқа ғоят харидоргир маданий-маиший ва хўжалик молларини биринчи галда сотиб олиш ҳуқуқини берсинлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иштирокида 1992—1995 йилларда Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида чўпонлар ва уларнинг оилаларини соғломлаштириш учун санаторий-профилакторийлар очсин.
  2. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига республика қоракўлчилик ва қўйчилик хўжаликларининг чўпонлари ҳамда бошқа ходимларига санаторийлар ва дам олиш уйларига қўшимча равишда йўлланмалар ажратишни кўзда тутиш тавсия этилсин.
  3. Тармоқнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қоракўлчи» фахрий унвонини таъсис этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қоракўлчи» фахрий унвони ва кўкрак нишони тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши муҳокамасига тақдим этсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10 кун муддат ичида қоракўлчилик ва қўйчилик ходимлари тоифалари рўйхатини, бориб ишлаш ушбу Фармонда белгиланган имтиёзларга эга бўлиш ҳуқуқини берадиган районлар ва хўжаликларнинг рўйхатларини тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1992 йил 7 январь,

ПФ-307-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 2-сон, 92-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 25-сон, 282-модда)

Leave a Reply