Наслчилик165-I 21.12.1995

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

НАСЛЧИЛИК ТЎҒРИСИДА

1-модда. Наслчиликнинг асосий вазифалари

Қуйидагилар наслчиликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини яхшилаш мақсадида наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш;

селекция жараёнида фойдаланиладиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши аниқ ҳисобга олинишини, маҳсулдорлигини, типи ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишини таъминлаш;

наслдор эркак ҳайвонларни авлодининг сифатига кўра синовдан ўтказиш;

янги фойдали генетик белгиларга эга бўлган ҳайвонлар олиш;

селекция ишида жаҳондаги энг қимматли генофонддан самарали фойдаланиш;

муайян жойга хос ва мамлакатимиздаги йўқ бўлиб бораётган зотлар генофондини сақлаб қолиш;

маҳсулот етиштириладиган подаларда ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини ошириш ҳамда сермаҳсул ҳайвонларни жадал кўпайтириш;

бутун чорвачилик тармоғининг иқтисодий самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш.

2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилмоқда:

наслчилик — селекция мақсадида наслдор ҳайвонларни урчитиш, наслли маҳсулот (материал) етиштириш ва ундан фойдаланиш;

наслдор ҳайвон — келиб чиқиши ҳужжатлар билан тасдиқланган, муайян зотни такрор кўпайтириш учун фойдаланиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатга олинган ҳайвон;

наслли маҳсулот (материал) — наслдор ҳайвон, унинг уруғи ва эмбрионлари, наслдор тухум, ипак қурти уруғи;

бонитировка — ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатларини баҳолаш;

генофонд (кам сонли) зот — муайян зотга мансуб ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги кам учрайдиган ҳайвонлар гуруҳи;

наслдор ҳайвонлар ва наслдор подаларни давлат рўйхатига олиш — келиб чиқишини аниқлаш ва маҳсулдорлигини белгилаш мақсадида наслдор ҳайвонлар ҳамда наслдор подалар ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олиш;

сертификат — наслдор ҳайвоннинг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги ва бошқа сифатларини, шунингдек уруғ ёки эмбрионнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжат.

3-модда. Наслчилик объектлари

Наслдор ҳайвонлар — қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, шунингдек паррандалар, балиқлар, асаларилар, ипак қурти, ёввойи ҳайвонлар (бундан буён матнда ҳайвонлар деб юритилади) ва уларнинг наслли маҳсулоти наслчилик объектлари ҳисобланади.

4-модда. Наслчилик субъектлари

Наслчилик иши билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот муассасалари, корхоналар ва хўжаликлар, селекция марказлари, ипподромлар, иммуногенетик назорат лабораториялари, назорат-синов станциялари, эмбрионларни кўчириб ўтказиш (трансплантация) марказлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар — наслли маҳсулот эгалари наслчилик субъектлари ҳисобланади.

5-модда. Наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Наслчилик соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида наслчилик соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

(6-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг наслчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси:

зотли моллар етказиб берувчи корхоналар ҳамда уларнинг истеъмолчилари томонидан ҳайвонларнинг сифат (наслдорлик) кўрсаткичлари тўғри аниқланганлиги устидан назоратни амалга оширади;

наслчилик заводлари, наслчилик хўжаликлари ва наслчилик фермаларини давлат аттестациясидан ўтказади;

зотли моллардан оқилона фойдаланилиши, ҳайвонлар ва уларнинг уруғлари экспорт ва импорт қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

чорвачиликда наслчилик ишларининг ҳисоби юритилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат, идоравий ва хусусий секторлардаги чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича мутахассислар фаолияти устидан назоратни амалга оширади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштириш режаларининг бажарилишини текширади;

наслдор ҳайвонларнинг, наслчилик хўжаликларининг ва подаларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини, селекция жараёнида фойдаланадиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги ҳисобга олинишининг, тури ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишининг ишончлилиги таъминланиши устидан назоратни амалга оширади;

чорвачиликда наслчилик ишлари хўжаликларига ер участкалари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, омухта ем корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари устидан назоратни амалга оширади;

наслчилик маҳсулотини (материалини) етиштириш ва унинг технологик жараёнларини ташкил этиш мувофиқлаштирилиши устидан назоратни амалга оширади.

(7-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

Олдинги таҳрирга қаранг.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органлари ходимларининг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органларининг ходимлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

идоравий мансублигидан қатъи назар наслчилик ташкилотларига монеликсиз кириш ва улардан зарур ахборотни олиш;

наслчилик ташкилотларига қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;

қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, наслли маҳсулотни (материални) реализация қилишни тўхтатиб туриш;

ҳайвонлар селекцияси, наслли маҳсулотни (материални) такрор кўпайтириш соҳасида янги технологияларнинг ва биотехнология усулларининг қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

наслли маҳсулотнинг (материалнинг) сертификатсиз реализация қилинишига ва ундан бошқача тарзда фойдаланилишига йўл қўймаслик;

наслчилик субъектлари ўртасида юзага келадиган низолар бўйича хулосалар бериш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органларининг ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

(9-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

10-модда. Наслчилик субъектларининг ҳуқуқлари

Наслчилик субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

наслчиликни ривожлантиришга қаратилган куч-ғайратларни бирлаштириш мақсадида ҳайвонларни урчитиш бўйича уюшмаларга, жамиятларга кириш, наслчилик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;

селекция ютуқларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги Қонунининг 41-моддаси.

наслли маҳсулот (материал) савдо-кўргазмаларида (кимошди савдоларида), кўргазмалари ва кўрикларида иштирок этиш;

наслли маҳсулотни (материални) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиш ва сотиб олиш;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

11-модда. Наслчилик субъектларининг бурчлари

Наслчилик субъектлари:

наслчилик ҳисоб-китобини ва ҳужжатларини юритишлари;

наслчилик ресурслари яхшиланишини, сақланишини, такрор кўпайтирилишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлашлари;

ҳайвонлар маҳсулдорлиги ҳисоб-китобини юритиш, типи бўйича таснифлаш, келиб чиқишини генетик экспертиза қилиш ва уларни ўз маҳсулдорлиги ҳамда авлодининг сифати бўйича баҳолаш талабларини бажаришлари;

Олдинги таҳрирга қаранг.

хўжаликни аттестациядан ўтказиш, наслдор эркак ҳайвонларни апробация қилиш учун ва такрор кўпайтириш мақсадида улардан фойдаланишга рухсатнома олиш учун ҳужжатларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этишлари;

(11-модданинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

уруғ олиш учун фақат такрор кўпайтиришга рухсат этилган наслдор эркак ҳайвонлардан фойдаланишлари, уруғ ва эмбрионларни технологик ва ветеринария-санитария талабномаларида белгиланган шарт-шароитда тайёрлашлари, идентификациялашлари ва сақлашлари;

наслли маҳсулотнинг (материалнинг) сифатини кафолатлашлари шарт.

12-модда. Наслли маҳсулотга (материалга) эгалик ҳуқуқи

Наслли маҳсулот (материал) давлатнинг, наслдор ҳайвонларни урчитиш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланаётган юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мулки бўлиши мумкин.

13-модда. Наслчиликда интеллектуал мулк

Наслдор ҳайвонлар селекциясида эришилган ютуқларнинг натижалари интеллектуал мулк объекти ҳисобланади, уларга муаллифлик ва улардан фойдаланиш қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни.

14-модда. Наслли маҳсулотни (материални) экспорт ва импорт қилиш

Наслли маҳсулотни (материални) экспорт ва импорт қилиш Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда амалга оширилади.

15-модда. Наслдор ҳайвонларни, наслчилик хўжаликлари ва подаларини давлат рўйхатига олиш

Наслдор ҳайвонларни, наслчилик хўжаликлари ва подаларини давлат рўйхатига олиш тегишинча давлат наслдор ҳайвонлар китобида ва давлат наслчилик регистрида қайд этиш орқали амалга оширилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Давлат наслдор ҳайвонлар китоби тўғрисидаги низом ва давлат наслчилик регистри тўғрисидаги низом Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январдаги ЎРҚ-512-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон)

16-модда. Наслли маҳсулотни (материални) сертификатлаштириш

Наслли маҳсулот (материал) наслчиликнинг белгиланган стандартлари, нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида мажбурий сертификатлаштирилиши лозим.

Наслли маҳсулотни (материални) сертификатлаштириш наслдор ҳайвонларнинг келиб чиқишини, маҳсулдорлигини, уларда генетик нуқсонлар йўқлигини, шунингдек уруғ ёки эмбрионларнинг келиб чиқиши ва сифатини аниқлаш ҳамда ҳужжатлар билан тасдиқлаш мақсадида ўтказилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Наслли маҳсулотни (материални) сертификатлаштириш давлат наслчилик хизматининг тегишли органлари томонидан «Ўзстандарт» агентлигида аккредитация қилинган селекция марказлари, чорвачилик назорат-синов станциялари, ипподромлар, сут, жун сифатининг селекция назорати лабораториялари ва иммуногенетик экспертиза лабораториялари иштирокида амалга оширилади.

(16-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги 482-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 67-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

Наслли маҳсулотни (материални) сертификатлаштиришдан ўтказиш тартибини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилайди.

(16-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

17-модда. Наслчилик бўйича давлат тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни маблағ билан таъминлаш

Наслчилик хўжаликларининг ҳаммаси ўз фаолиятини тўла хўжалик ҳисобида амалга оширади қонун ҳужжатларида ва белгиланадиган имтиёзлардан фойдаланади.

Наслчилик бўйича давлат тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни маблағ билан таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда амалга оширилади.

18-модда. Наслчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар

Олдинги таҳрирга қаранг.

Наслчиликни илмий жиҳатдан таъминлашни Фанлар академияси ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг селекция марказлари амалга оширадилар, улар давлат наслчилик хизмати ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни ишлаб чиқадилар:

(18-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 8 январдаги ЎРҚ-512-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон)

наслчиликка оид давлат илмий-техника дастурларини;

ҳайвонлар ва паррандаларнинг мавжуд зотлари, типлари, линиялари ҳамда кроссларини такомиллаштириш ва янгиларини яратиш, наслчилик ресурслари генофондини сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга доир селекция-генетик дастурларини;

селекция жараёни самарадорлигини ошириш, ҳайвонларни такрор кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш усуллари ва йўлларини;

наслли маҳсулотни (материални) баҳолаш ва генетик назорат қилиш учун услубиётлар, техника воситалари ва назорат-ўлчов асбоб-ускуналарини;

наслчиликка оид ахборот билан таъминлаш тизимларини.

19-модда. Наслдор ҳайвондан фойдаланиш шартлари

Наслдор ҳайвондан, агар у:

тамғаланган ёки ҳайвоннинг келиб чиқишини аниқ идентификация қилиш имконини берадиган бирон-бир бошқа йўсинда унга белги қўйилган бўлса;

рўйхатдан ўтказилган ва унга сертификат олинган бўлса, зотни такрор кўпайтириш мақсадида фойдаланилади.

20-модда. Наслдор ҳайвонларнинг уруғи ва эмбрионларидан фойдаланиш шартлари

Наслдор ҳайвонларнинг уруғи ва эмбрионларидан, агар улар:

қишлоқ хўжалик ҳайвонларини сунъий уруғлантириш ва эмбрионларини кўчириб ўтказиш билан шуғулланувчи ташкилотларда олинган бўлса;

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган наслдор ҳайвонлардан олинган бўлса;

идентификация қилиш мақсадида аниқ белги қўйилган бўлса;

сертификатга эга бўлса, фойдаланилади.

Наслдор ҳайвонларнинг уруғи ва эмбрионлари қишлоқ хўжалик ҳайвонларини сунъий уруғлантириш ва эмбрионларини кўчириб ўтказиш билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан бошқа шахсларга реализация қилиниши ёки ўтказилиши мумкин.

21-модда. Наслли маҳсулот (материал) бонитировкаси

Наслли маҳсулот (материал) бонитировкаси наслчилик билан шуғулланувчи барча ташкилотларда ҳар йили ўтказилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Наслли маҳсулот (материал) бонитировкасини ўтказиш тартиби ва шартларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилайди.

(21-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

22-модда. Наслдор эркак ҳайвонларни баҳолаш

Зотни такрор кўпайтириш учун танлаб олинган наслдор эркак ҳайвонлар авлодининг сифати ва ўз маҳсулдорлиги бўйича текширилиши ҳамда баҳоланиши лозим.

Наслдор эркак ҳайвонларни текшириш ва баҳолашни наслчилик ташкилотлари наслдор ҳайвонларнинг белгиланган маҳсулдорлик даражасига қараб ўтказадилар.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Наслдор эркак ҳайвонларни текшириш ва баҳолаш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасдиқлайдиган услубиётга мувофиқ ўтказилади.

(22-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги ЎРҚ-486-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон)

 LexUZ шарҳи

Қаранг: «Наслдор эркак ҳайвонларни текшириш ва баҳолаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 2585, 16.05.2014 й.).

23-модда. Наслчилик соҳасидаги низоларни ҳал этиш

Наслчилик соҳасида келиб чиқувчи низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

24-модда. Наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

25-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1995 йил 21 декабрь,

165-I-сон

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 255-модда; 1997 й., 4-5-сон, 126-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон, 09.01.2019 й., 03/19/512/2435-сон)

Leave a Reply