Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

давлат қўмитаси

QORAKO’LCHILIK   VA   CHO’L   EKOLOGIYASI

 ILMIY — TADQIQOT   INSTITUTINING

У С Т А В И

 

  1. Умумий қоидалар

1.Қоракўлчилик ва ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти (бундан буён матнда институт деб юритилади) 1930 йилда ташкил топган.

Мазкур устав институтнинг янги таҳрирдаги устави ҳисобланиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги ПФ-5696-сонли “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора –тадбирлари тўғрисида” ги фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартдаги ПҚ-4254-сонли “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2019 йил 1-апрелдаги 18-сонли буйруқлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфига киради.

2.Институтнинг тўлиқ номи қуйидагича:

Ўзбек тилида: “Qorako`lchilik va cho`l ekologiyasi ilmiy tadqiqot instituti”.

Рус тилида:       “Научно-исследовательский институт каракулеводство и экологии пустынь”;

Инглиз тилида:   “Research institute of karakul sheep Breeding and ecology of Deserts” деб юритилади.

  1. Институтнинг юридик манзили: Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 47-уй.

Институтнинг Бухоро филиали:  Бухоро шаҳри Ибн Сино кўчаси 97-уй.

  1. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қарорлари ва буйруқларига, шунингдек мазкур Уставга амал қилади.
  2. Институтнинг мол-мулки ва маблағларидан фойдаланиши, илмий, илмий-техник ва хўжалик фаолияти, молиявий режалаштириш, капитал қурилиш ва таъмирлаш, моддий-техника таъминоти ва маҳсулотни сотиш, бошқариш масалалари бўйича асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
  3. Институт юридик шахс ҳисобланиб, ўзининг мол-мулки, мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган ҳисоб рақамларига, банкларда хўжалик маблағлари ҳаракати учун ҳисоб рақамларига, штамплари ва бланкаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг тўлиқ расмий номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.
  4. Институт ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўз фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолият олиб бориши ва шу мақсадда хорижий давлатларда ҳамда Республика ҳудудида ҳалқаро валюта учун ҳисоб рақамлари очиши ва ундан фойдаланишлари мумкин.
  5. Институтнинг таркибий бўлинмалари, ташкилотлари ўз фаолиятларини институтнинг илмий методик раҳбарлиги ва бевосита кўрсатмаларига асосан амалга оширади.
  6. Институт Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади, судда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этади.
  7. Институт ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатлари талаблари асосида жавобгар ҳисобланади

 II. Институтнинг асосий вазифалари ва функциялари

11. Республика қоракўлчилигининг жадал ривожланишини таъминлашда қоракўл қўйларини урчитиш, генетикаси, озиқлантириш, селекцияси, чўл озуқабоп ўсимликлари интродукцияси, селекцияси, уруғчилиги, уруғшунослиги ҳамда чўл яйловлари маҳсулдорлигини ошириш, улардан рационал фойдаланишнинг илмий-амалий асосларини такомиллаштириш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда шу асосда илмий-техник маҳсулотлар ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Институт фаолиятининг асоси тасдиқланган Давлат фан-техник фундаментал, амалий ва инновацион дастурларининг режалари бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш ҳисобланади.

  1. Институт ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўз фаолияти йўналишига мувофиқ қоракўлчиликнинг долзарб муаммолари бўйича илмий-тадқиқотларни амалга ошириш, илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

қоракўл қўйларини селекциялаш, урчитиш, озиқлантириш ва асраш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишни таъминловчи усул, модел ва технологияларни ишлаб чиқиш;

чўл яйловларидан самарали фойдаланиш, юқори маҳсулдор ўсимлик навларини яратиш, уруғчилигини ривожлантириш, чўлда озуқа етиштириш технологияларини яратиш;

илмий-тадқиқот ишларининг стратегик йўналишлари ва истиқболли мавзуларини белгилаш, соҳани ривожлантириш ва соҳада мавжуд муҳим муаммолар бўйича илмий изланишлар ўтказишни ташкил этиш юзасидан услубий ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш;

илмий-техник дастурларга асосланган ҳолда фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича яйлов чорвачилигида мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илмий ва инновацион ишларни олиб бориш;

қоракўлчилик тармоғини юритишнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш, маҳсулотни қайта ишлаш технологик жараёнларини такомиллаштириш;

селекция ва наслчилик ишларини яхшилаш, зотни ва унинг таркибидаги маҳсулдор завод типлари ва линияларни такомиллаштириш, юқори сифатли қора ва рангли териларини ишлаб чиқариш имконини берувчи янги завод типларини ва линияларини яратиш;

чўл экологиясини ўрганиш ва сақлаш, яйловлар маҳсулдорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланиш технологияларини яратиш, қурғоқчиликка ўта бардошли, серҳосил чўл озуқабоп ўсимликлари навларини яратиш;

чўл шароитида ем-хашак ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш, тўйимлилигини ошириш, қоракўл қўйларини озиқлантириш технологияларини янада такомиллаштириш, сув манбаларидан унумли фойдаланиш;

қоракўлчиликнинг техник-иқтисодий ҳолатини тизимли равишда таҳлил қилиш, ватанимизда ва чет элларда эришилган илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибаларни ўрганиб бориш, уларни Республикамиз қоракўлчилигига жорий қилиш учун услубий кўрсатмалар тайёрлаш.

III. Институтнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

  1. Институт ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш бўйича қуйидаги ҳуқуқларга эга:

айрим илмий муаммоларни ечиш учун вақтинчалик ижодий гуруҳлар тузиш, институтдан ва четдан мутахассислар ёллаш;

илмий–тадқиқот ишларига жалб қилинадиган илмий ходимларнинг умумий сони, касбий ва малакавий таркибини мустақил равишда белгилаш;

институтнинг фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализациядан тушган пул маблағларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

мазкур уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва ундан ташқарида бажариладиган ишга боғлиқ бўлган илмий алоқаларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ва нодавлат ташкилотлари, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзининг бошқа илмий бўлимларини ташкил қилиш, уларга асосий ва айланма воситаларни бириктириш, иқтисодий муносабатлар тартибини белгилаш ҳуқуқига эга.

Институт ўзининг асосий фаолиятидан ташқари хўжалик ҳисоби асосида тадқиқотлар олиб бориш бўйича шартномалар тузиши ва илмий-услубий йўналишдаги хизматлар кўрсатиши мумкин.

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Институт:

ўзига тегишли барча мол-мулк учун;

ўз ходимларини меҳнат шартномалари асосида тадқиқотларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар ва ресурслар билан таъминлаш учун;

ўзига юклатилган бошқа вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.

Шунингдек, институт ер майдонларидан фойдаланиш бўйича:

мавжуд ирригация, мелиорация тармоқлари ва муҳандислик коммуникацияларини соз ҳолатда сақлаш;

ерларни муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган комплекс талабларга қатъий амал қилиш;

ер тўғрисидаги ҳисоботларни ҳудудий статистика ва ер ресурслари ҳамда давлат кадастри идораларига белгиланган тартибда тақдим этиш;

ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш мажбуриятларига эга.

IV. Институтнинг бошқарув органлари

  1.  Институт Илмий кенгаши институтнинг олий бошқарув органи ҳисобланади.
  2.  Илмий кенгаш институтнинг илмий-тадқиқот натижаларини жорий этишга тавсиялар бериш ишлари билан боғлиқ фаолиятларни кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади.

Илмий Кенгаш таркибига соҳада етук ва юқори малакага эга институт бўлим ва лабораториялари бошлиқлари, етакчи илмий ходимлар, касаба уюшмасининг вакиллари, шунингдек, юқори ташкилот, илмий муассасалар вакиллари киритилади.

Институт директори бир вақтда Илмий кенгаш раиси, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Илмий кенгаш раисининг ўринбосари, институт илмий котиби эса Илмий кенгаш котиби ҳисобланади.

Илмий Кенгаш таркиби директор тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.

  1. Илмий кенгаш:

институт илмий фаолиятининг асосий йўналишларини муҳокама қилади;

илмий-тадқиқот ва тажриба ишларининг режа лойиҳаларини, илмий-тадқиқотларнинг дастур ва услубиётларини, илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ишларни чоп этиш лойиҳаларини, мажлислар ва конференцияларнинг дастурларини кўриб чиқади;

бўлим ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг, шунингдек, илмий ходимларнинг ҳисоботларини, институтнинг илмий ва илмий-ташкилий фаолиятининг натижалари бўйича ҳисоботларини муҳокама қилади;

институт таркибига киритиладиган ўзгаришлар, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини бажариш учун ажратилган молиявий маблағлардан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади;

муҳим илмий муаммолар, илмий маърузалар, диссертацияларни муҳокама қилади ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш учун институт бўлинмалари томонидан берилган тавсия ва таклифларни кўриб чиқади;

бошқа илмий муассасалар билан ижодий ҳамкорлик олиб бориш ва мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилади;

бўлим бошлиқлари ва илмий ходимларнинг ҳисоботлари, шунингдек, институт ходимларининг чет эл хизмат сафарлари бўйича ҳисоботларини муҳокама қилади ва баҳо беради;

катта илмий ходим-изланувчиларни тайёрлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўлими фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳамда уларнинг ўқув жараёни билан боғлиқ масалаларни ҳал этади.

олимларнинг илмий кадрларни тайёрлаш бўйича олиб бораётган ишлари, диссертация ишларининг мавзулари ва дастурларини, ўқув режаларини кўриб чиқади, шунингдек, аттестация комиссиясининг ишларини муҳокама қилади ва тасдиқлайди;

институт илмий ходимлари ва бошқа илмий ташкилотларнинг ходимларига илмий унвон бериш масаласини муҳокама қилади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига тақдим этиш бўйича тавсия беради.

  1. Илмий кенгаш йиғилишда кенгаш аъзоларининг 2/3 қисми иштирок этаётган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
  2. Илмий кенгаш қарори йиғилишда аъзоларнинг 50% дан ортиқ қисми ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинади.
  3. Илмий кенгаш ёпиқ овоз бериш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, қарор ёпиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
  4. Институтни бошқариш директор томонидан амалга оширилади.
  5.  Институт директори Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг раиси томонидан меҳнат шартномаси (контракт) асосида соҳадаги етакчи олимлар орасидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Институт директори тавсиясига асосан директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Жорий қилиш ва маркетинг ишлари бўйича директори ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан меҳнат шартномаси асосида лавозимга тайинланади ва озод этилади.

  1.  Директор:

институт номидан фаолият юритади ва бошқа ташкилотларда институт манфаатларини ҳимоя қилади;

институт манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда тегишли ташкилотлар билан битимлар тузади, ишончномалар беради;

банкларда миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб рақамларини очади;

белгиланган буйруқлар чиқаради, ходимларга кўрсатма ва топшириқлар беради.

  1. Институт директори ўрнатилган тартибда бошқа ташкилотларга вақтинчалик фойдаланиш учун ускуналар, транспорт воситалари, инвентарь ва бошқа моддий бойликларни ижарага бериш, шунингдек, агар улар жисмоний ва маънавий эскирган бўлса қонун ҳужжатларига мувофиқ балансдан чиқариш каби вазифаларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда амалга оширади.
  2. Директор институтнинг барча илмий ва техник ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади, уни ўзгартиради ва бекор қилади, улар учун меҳнат қилиш шароитларини яратади.
  3.  Институт директори бюджетга ва бюджетдан ташқари жам- ғармаларга тўловларнинг, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқлари ва муносабатларидан ҳамда уларга тенглаштирилган тўловлардан келиб чиқадиган барча талабларнинг қондирилиши, институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжлар учун пул маблағлари ўтказилиши, шу жумладан, институт балансидаги мол-мулкнинг сақланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
  4.  Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, зарур ҳолларда, Институтнинг тузилмаларига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга.
  5.  Институтда ходимларни танлаш, ишга қабул қилиш ва озод қилиш институт директори томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилади.
  6. Илмий кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларига раҳбарлик қилади.
  7. Институт ва филиал ходимларининг жавобгарлиги даражасини белгилайди, белгиланган тартибда рағбатлантириш ва жазо чораларини қўллайди.
  8. Кўп йиллик меҳнати, ўз вазифаларига виждонан муносабатда бўлганлиги, алоҳида муҳим вазифаларни бажарганлиги учун институт ходимларининг айрим тоифаларига ҳамда филиал ходимлари лавозим маошларига устамалар белгилайди.
  9. Институт ва филиалнинг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини давлат мукофотлари билан мукофотлашга ва фахрий унвонлар беришга белгиланган тартибда тақдим этади, ходимларни институтнинг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалар ёки пул мукофотлари билан тақдирлайди.                                                                                                                                                                                                                                                             

    V. Институт мол-мулки, унинг хўжалик ҳисобидан олган даромади, уни тақсимлаш ва ундан фойдаланиш тартиби.

  10. Институтнинг мол-мулки унга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган асосий фондлар ва бошқа моддий бойликлардан ташкил топади.
  11. Институт хўжалик ҳисобидан олган даромади фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан, вақтинча фойдаланилмаётган биноларни ва давлатнинг бошқа мол-мулкини бошқа ташкилотларга ижарага беришдан шаклланади, юридик ва жисмоний шахслар томонидан институтга ҳомийлик (беғараз) ёрдами берилишидан қўшимча даромадлар олиш ҳисобига кенгайтирилади.

Ушбу даромадлар институтнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ривожлантириш, ходимларни моддий рағбатлантириш, республика ичида ва ташқарисида ходимларнинг малакасини оширишга сарфланади.

  1. Институтнинг хўжалик ҳисобидан олган даромади институт ихтиёрида бўлиб, ундан белгиланган тартибда мустақил равишда фойдаланади ва у бошқа ташкилотлар томонидан олиб қўйилиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
  2. Институт ўз молиявий фаолиятини илмий-тадқиқотлар ва шартномавий ишларнинг ҳажми ва молиявий ҳисоб-китоблар режаси асосида амалга оширади.
  3. Институтнинг давлат бюджети билан боғлиқ молиявий муносабатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.             
                 VI. Институтнинг филиали
  4. Институт ўзининг Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий–тадқиқот институтининг Бухоро филиали (кейинги ўринларда-филиал деб юритилади) га эга. Филиал алоҳида юридик шахс ҳисобланмайди.
  5. Филиалнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини илмий асосда тизимли ташкил этиш, бунда қимматли, экспортбоп ярим доира қаламгул, қовурғасимон, ясси гул типларидаги сур ва қора рангли қоракўл қўйлари селекциясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш;

Бухоро вилоятининг қоракўлчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида илмий ишланмаларни амалиётда синаш ва унинг ижобий натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

наслли қўчқорларнинг ранги ва типи бўйича ҳудудлар ҳамда хўжаликлар кесимида алмашинувини ташкил этиш;

қоракўлчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ва қоракўлчиликда олиб борилаётган наслчилик ва селекция ишларини ўрганиш ва бу борада эришилган илғор ютуқларни жорий этиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, зарур ҳолларда, Филиалнинг тузилмаларига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга.
  2. Филиал директори институт директори тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси томонидан меҳнат шартномаси асосида лавозимга тайинланади ва озод этилади.
          VII. Институт фаолиятини тугатиш
  1. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Директор                                          Н.А.Бобоқулов

Leave a Reply